Қирғизистонда ўтган бир суткада 78 кишида коронавирус аниқланди. Россияда беморлар сони 1 млн нафардан ошди
Қозоғистонда 2 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 105 944 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 97 371 нафари тўлиқ соғайган, 1588 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир суткада 72 киши касалликка чалинган.
Aввалроқ Қизилўрда вилояти коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёрланаётгани маълум қилинганди. Таъкидланишича, айни пайтда вилоят марказида 200 ўринга мўлжалланган инфекцион касалликларни даволаш касалхонаси қурилмоқда.
Қирғизистон
Қирғизистонда 2 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, 44 036 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 38 895 нафари соғайиб, 1059 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 4082 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 78 кишига кўпайган.
Aввалроқ Қирғизистонда сўнгги бир суткада бирорта ҳам тиббиёт ходими COVID-19 юқтириб олмагани хабар қилинганди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда жами 3121 нафар шифокор коронавирусга чалинган.
Тожикистон
Тожикистонда 2 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 8619 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 7413 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 68 нафари вафот этган. Ҳозирда 1138 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда.
Aввалроқ сентябрь ойида Россиядан Тожикистонга яна 52 та чартер рейс амалга оширилиши хабар қилинганди. Барча рейслар «Somon Air» авиакомпанияси томонидан ташкил этилади.
Туркманистон
Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ Туркманистон мактабларида ўқув машғулотлари бошлангани ҳақида хабар берилганди.
«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, ўқувчилар тонгги сафланишда санитария-гигиена қоидалари билан таништирилган. Aммо ўқувчиларга тиббий ниқоб тақиш тақиқланган.
Россия
Россияда 2 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 005 000 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 821 169 нафари соғайган, 17 414 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 4952 та янги ҳолат аниқланган.
«Интерфакс» нашрига кўра, Россияда коронавирусга қарши эмлаш 5 сентябрдан бошланиши хабар қилинганди. Таъкидланишича, вакцина препарати пойтахт поликлиника ва шифохоналарига иш ҳафтаси охиригача етказиб берилади.