Қўқонда 17 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилинди (фото)
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 17 нафар маҳкум муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг тақдимномалари асосида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтган.
Қайд этилишича, суд ҳукми билан озодликни чеклаш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган 17 нафар маҳкум жазо талабларига тўлиқ амал қилгани, содир этган жиноятидан хулоса чиқариб, ахлоқан тузалиш йўлига ўтгани учун муддатидан илгари шартли озод қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ургутда 17 нафар, Пастдарғомда 18 нафар, Иштиҳонда 15 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Самарқандда 2020 йил бошидан буён 405 нафар маҳкум озод қилингани маълум қилинди.