Қўқондаги мактабда иситмалаётган ўқитувчилар ишлаётгани ҳақидаги хабар рад этилди

Фарғона вилоят Халқ таълими бошқармаси Қўқон шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабида иситмалаётган ўқитувчилар ишлаётгани ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдирди.

Фото: «Tez News»

Ижтимоий тармоқда тарқалган мурожаатда «Фарғона вилояти Қўқон шаҳридан мурожаат йўллаяпман. 22-умумий ўрта таълим мактабида иситмаси бор ўқитувчилар фаолият юритяпти. Мактаб директорининг ўзида ҳам иситма бор, мактаб ҳамшираси укол қиляпти. Бунинг устига, директор мактабда масофа сақламай, эрталабки йиғилиш ўтказади. Илтимос, инсонлар соғлиғига бефарқ бўлмасликларини сўраймиз» дейилганди. Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси ушбу мурожаатни ўрганганини, ҳолатда қонун бузилиши ва амалдаги тартибга зид ҳолат аниқланмаганини баён қилган.

«Қўқон шаҳаридаги 22-умумий ўрта таълим мактабида бугунги кунда 1111 нафар ўқувчидан 515 нафар ўқувчи 2 босқичда анъанавий тарзда таълим олмоқда. Мактаб ходимлари 71 нафарни ташкил қилади. Мактабнинг кириш қисмига дез-тўшама ташкил этилган, ходимлар ва ташриф буюрувчилар тана ҳароратини масофадан ўлчаш учун 14 дона пирометр мавжуд бўлиб, ишчи ҳолатда, қўлларни зарарсизлантириш учун мактабга кириш қисмида ва ўқув биносининг барча қаватларида дозатор ташкил этилган», дейилади муносабатда.

Шунингдек, мактабга ташриф буюрганлар тана ҳарорати ўлчаб, қайд этиб борилаётгани, ходимларни рўйхатга олиш «фильтр» дафтари 2020 йил 14 сентябрдан бошлаб юритиб келинаётгани ҳам таъкидланган.

«Ташкилотда пандемия даврида санитария-гигиена ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни бажарилиши ҳамда дезинфекция ишларини амалга ошириш учун масъул ходимлар бириктирилган. Бу борада камчиликлар кузатилмади», дейди вилоят халқ таълими бошқармаси.

Маълум қилинишича, мактаб ҳамшираси, ҳақиқатан ҳам, мактаб директорига шамоллагани боис 5—6 октябрь кунлари талабга зид бўлмаган ҳолатда муолажа қилганлиги, шунингдек, бемор бўлган жамоанинг 3 нафар ходими 8 октябрь куни ишга қайтгани ва бир нафар ходим даволаниш жараёнида эканини айтган. Ўрганиш давомида касаллик варақасида бўлган ходимлар COVID-19 касаллигига чалинмагани аниқланган. Мактаб ходимларидан 2020 йил 8 сентябрь куни Қўқон шаҳар СЭОМ томонидан COVID-19’га суртма олинган бўлиб, барча ходимларда манфий натижа аниқланган.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ўрганиш ишларини олиб борганда барча тиббий ниқоб таққан ва ижтимоий масофага риоя қилгани маълум бўлган. Шундай бўлса-да, мактаб жамоаси ва ўқувчилар соғлиғини ҳимоялаш борасида янада эътиборли бўлиш мутасаддиларга уқтирилган.

Аввалроқ ҳам Қўқон шаҳар ХТБ ходимларида коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабар рад этилган эди.

Янгиликлар