Қоровулбозорда 79 млрд сўмлик лимончиликка ихтисослаштирилган иссиқхона қурилади
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида 79 миллиард сўмга 50 гектарлик иссиқхона ташкил этилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Қайд этилишича, Қоровулбозор туманининг «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғинида 50 гектар майдонга лимончиликка мўлжалланган иссиқхона ташкил этилмоқда. Туман ҳокими ушбу лойиҳа асосида амалга оширилаётган қурилиш ишларини кўздан кечириш ҳамда келиб чиқаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида худудга борган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 79 миллиард сўмни ташкил этади. Иссиқхона лимончиликка ихтисослаштирилган бўлиб, жами 50 гектар майдондан ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун 50 сотих иссиқхона ажратиб берилиши кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, «Туронбанк» АТБ томонидан тақдим этилган ушбу имтиёзли кредит маблағи 18 фоиз бўлиб, шундан 9 фоизи Тадбиркорларни қўллаб-қуватлаш жамғармаси томонидан қоплаб бериш орқали 7 йилга (имтиёзли даври 3 йил) берилади.
Лойиҳа тўлиқ амалиётга татбиқ этилиши натижасида туманнинг 350 нафар фуқароси янги иш ўринлари билан банд қилинади. Қурилиш ишларини белгиланган муддатда тугатиш ва тадбиркорлик субъектларига қисқа муддатларда топшириш бўйича туман ҳокими, 1-сектор раҳбарининг кўрсатмасига асосан қурилиш ишларига яна 100 га яқин ишчилар жалб қилинган.
Маълумот учун, Қамашида эҳтиёжманд аҳоли учун 1000 дан зиёд иссиқхона қуриб берилади.