Қозоғистонда ўтган бир суткада 77, Қирғизистонда эса 60 киши коронавирус юқтириб олди

Қозоғистонда 1 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 105 872 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 96 899 нафари тўлиқ соғайган, 1523 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир суткада 77 киши касалликка чалинган.

Фото: «Nur.kz»

Aввалроқ Олмаота бош санитария шифокори Жандарбек Бекшин карантинни босқичма-босқич юмшатиш чоралари тўғрисидаги (2020 йил 15 августда) фармонга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани ҳақида хабар берганди.

Қирғизистон

Қирғизистонда 1 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, 43 958 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 38 649 нафари соғайиб, 1058 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 4250 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 60 кишига кўпайган.

Фото: «Kloop»

Aввалроқ Қирғизистонда сўнгги бир суткада 5 нафар тиббиёт ходими COVID-19 юқтириб олгани хабар қилинганди. Мамлакатда жами 3121 шифокор коронавирусга чалинган.

Тожикистон

Тожикистонда 1 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 8583 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 7376 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 68 нафари вафот этган. Ҳозирда 1139 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда.

Фото: «Asia-Plus»

Aввалроқ Тожикистонда ўтган бир суткада 33 кишида коронавирус аниқлангани хабар қилинганди. Aйни пайтда 1000 нафардан ошиқ бемор уйида даволанмоқда.

Туркманистон

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ Россия ўз фуқароларини бир ҳафта ичида иккинчи марта Туркманистондан чартер рейс орқали олиб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, 30 август куни бортида 157 нафар фуқаро бўлган Россиянинг «С7» авиакомпанияси самолёти Туркманободдан учиб кетган.

Россия

Россияда 1 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 10:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 995 319 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 809 387 нафари соғайган, 17 176 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 4993 та янги ҳолат аниқланган.

Фото: «РИA Новости»

«РИA Новости» нашрига кўра, Россияда пандемия даврида 36 миллиондан ортиқ коронавирус тестлари ўтказилган. Aйни пайтда 210 662 киши тиббий назоратга олинган.

Янгиликлар