Самарқандда профилактика инспекторлиги учун бўлиб ўтган танловда 43 нафар номзод ишга қабул қилинди

Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд академик лицейида профилактика инспекторлиги ва хавфсиз туризм инспекторлиги лавозимига танлов бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, ушбу танловда 85 нафар олий маълумотли ёш иштирок этган. Уларнинг 43 нафари Ички ишлар органларининг офицерлик лавозимларига қабул қилинган. Маълум қилинишича, ушбу қабул қилинган номзодлар Самарқанд вилоятининг турли ҳудудларида профилактика инспекторлиги вазифасида ишлайди.

Қайд этилишича, танлов жараёнида вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси сафларига ҳам тўрт нафар номзод орасидан икки нафари танлов асосида қабул қилинган.

Таъкидланишича, Ички ишлар органлари сафига қабул қилинган барча номзодлар Ўзбекистонга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилган.

Aввалроқ Фарғонада коронавирусга қарши курашда ёрдам берган 49 нафар ички ишлар ходими тақдирлангани ҳамда Сардобадаги офатга қарши курашда ёрдам берган 51 нафар Наманган ИИБ ходими тақдирлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар