Сардобадаги офатга қарши курашда ёрдам берган 51 нафар Наманган ИИБ ходими тақдирланди (фото)
Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юз берган офатга қарши курашда ёрдам берган 51 нафар вилоят ИИБ ходими тақдирланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 августдаги фармонига асосан, глобал пандемия ҳамда турли табиий офат ва фавқулодда ҳолатларга қарши курашишга ҳисса қўшган Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудлардаги бошқармаларида фаолият юритаётган ходимлар «Меҳр-саҳоват» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Наманганда вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа идора вакиллари гувоҳлигида тақдирлаш тадбири ташкил этилган. Сирдарё вилоятида рўй берган офатга қарши курашда масъулият билан хизмат қилган 51 нафар наманганлик Ички ишлар органлари ходимларига «Меҳр-саҳоват» кўкрак нишони топширилган.
Ушбу ходимлар тошқиндан жабр кўрган оилаларга моддий ва маънавий кўмак берган. Улар Сирдарёда нафақат хавфсизлик, балки шикаст етган уйларни қайта қурилишида ҳам хизмат қилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда меҳмонхона хизматлари сифатини оширишнинг рағбатлантирувчи механизмлари жорий этилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Мустақилликнинг 29 йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаган.