Сенат Ўзбекистоннинг 2026 йилги давлат бюджетини тасдиқлади

Олий Мажлис Сенати Ўзбекистоннинг 2026-йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъқуллади, деб хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, мазкур Қонуннинг мақсади 2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Жумладан, Давлат бюджети харажатларининг қарийб 55 фоизи ёки 220,0 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Давлат бюджети харажатлари таркибида таълим соҳаси учун 100 трлн сўм назарда тутилган, тиббиёт соҳасига эса 49 трлн сўм ёки жорий йилга нисбатан 11,4 фоизга оширилмоқда.

Қонунга асосан келгуси йилда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

2026 йилда Давлат бюджети харажатлари 402,6 трлн сўмни, даромадлари эса 368,9 трлн сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари эса 78,6 трлн сўм, харажатлари 74,4 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда.

Хусусан, мазкур Қонунда 2026 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 трлн сўм, харажатлар эса 567,6 трлн сўм миқдорида шакллантирилган. Бунда консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги вазифаси назарда тутилган.

Сенаторлар ўз чиқишларида 2026 йилда макроиқтисодий сиёсат соҳасида устувор этиб белгилаган вазифаларни бажариш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва давлат дастурларида назарда тутилган бошқа муҳим тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Ўзбекистон