Шавкат Мирзиёев геология соҳасига хорижлик инвесторларни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни геология соҳасини модернизация қилиш, инвестициялар жалб этиш ҳамда геология-қидирув ишларини кенгайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, йиғилишда геология соҳасидаги ишларни давом эттириб, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш бўйича кейинги даврдаги асосий вазифалар муҳокама қилинган. Давлат раҳбари геология-қидирув ишларини ошириш ҳисобига 2021—2022 йилларда минерал хом ашё базасини кескин кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, соҳага хорижий инвесторларни жалб қилиш учун геология-қидирув ишларини ташкил этишга бўлган ёндашувни ҳам ўзгартириш керак. Шу мақсадда истиқболли майдонларни шакллантириш, уларни хорижий инвесторларга бериш, геологик қидирув ўтказиш ва солиққа тортиш тизимларини халқаро тажриба асосида такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Геология соҳасида 50 фоиз вақт инвестиция билан шуғулланишга сарфланиши керак. Инвестиция келмаса, геологияда вазият ўзгармайди. Узоқ йиллик мавҳум режалар эмас, қисқа муддатли, аниқ ва натижадор режалар керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

31 та стратегик фойдали қазилма майдон ва конлар жойлаштирилган онлайн ауционга чет эллик сармоядорларни кенг жалб этиш муҳимлиги айтиб ўтилган. Етакчи аудиторлик ва консалтинг компаниялари билан ҳамкорликда соҳадаги давлат корхоналарини трансформация қилиш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Соҳа учун кадрлар тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилган. «ЎзгеорангметЛИТИ» институтига тажрибага эга хорижий компания жалб қилиниши белгиланган. Йиғилишда мутасаддилар 2021—2022 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳасидаги лойиҳалар билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимини «бутунлай қайта кўриб чиқиш» бўйича йиғилиш ўтказгани хабар қилинган.

Янгиликлар