Тошкентдаги 3 та цех кунига 500 та хонадонга етадиган газ сарфлаётгани аниқланди

Тошкентда газ таъминоти корхоналари билан тузилган шартномалар асосида 3 та йирик ишлаб чиқариш корхоналари 500 та хонадонга етадиган газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Маълум қилинишича, Энергетика вазири бошчилигидаги махсус штаб, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзнефтгазинспекция ва «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали ходимлари билан ҳамкорликда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқламоқда. Жумладан,

  1. «Хаджиакбаров Х.Б.» ЯТТга қарашли чинни буюмлар ишлаб чиқариш цехи (кунлик газ истеъмоли 1 минг м3);
  2. «Issiq qurilish usto» МЧЖга қарашли асфальт-бетон ишлаб чиқариш цехи (кунлик газ истеъмоли 7 минг м3);
  3. «Battarey technology» МЧЖга қарашли аккумулятор ишлаб чиқариш цехи (кунлик газ истеъмоли 2 минг м3).

Маълумот учун, ушбу истеъмолчиларнинг кунлик газ сарфи билан ҳам ўртача 500 та ҳовли уйларни табиий газ билан таъминлаш мумкин.

«Юқорида айтиб ўтилганлардан келиб чиқиб, табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида энергия ресурслари билан узуксиз таъминлаш учун мўлжалланган газни қасддан ўғирлаш белгиланган тартибда ички ишлар идораларига ўтказилишини маълум қиламиз», дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Сергилида салкам мингта оиланинг истеъмол газини ўғирлаган қозонхона аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар