Туркияда зилзила қурбонлари сони 60 кишига етди
Туркия ғарбида содир бўлган зилзила қурбонлари сони 60 нафарга етди. Бу ҳақда республика фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар агентлигига таяниб «РИА Новости» хабар берди.
Маълум қилинишича, Туркиянинг ғарбий қисмида содир бўлган зилзила қурбонлари сони 60 кишига етган. Шунингдек, 940 киши жароҳат олган. Аввалроқ 58 киши ҳалок бўлганлиги ва 920 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берилган.
«Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила оқибатида 60 киши ҳалок бўлди, 218 киши шифохоналарда даволанишни давом эттирмоқда», дейилади хабарда.
Туркиянинг ғарбий қисмида 30 октябрь, жума куни тушдан кейин 6,6 балли зилзила содир бўлди. Зилзила эпицентри Эгей денгизида Измир вилоятининг Сефериҳисар шаҳри яқинида бўлган. Зилзила яқин Греция оролларида ҳам сезилган. Грек сейсмологлари унинг кучини 6,9 баллга баҳолаган. Измирда камида 20 бино қулаб тушгани хабар қилинган. Шунингдек, зилзила кичик цунамини келтириб чиқарди, Сефериҳисарнинг қирғоқ кўчаларини сув босган.
Ер силкиниши Грециянинг Самос оролида ҳам қайд этилган. У ерда икки киши ҳалок бўлган ва 20 киши жароҳат олган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркиянинг ғарбий ҳудудларида юз берган табиий офат — кучли зилзила оқибатида инсонлар қурбон бўлгани, кўплаб фуқаролар жароҳат олгани ҳамда катта талафот кўрилгани муносабати билан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таъзия йўллаганди.