Учкўприкда 120 ўринли мактаб янги биноси фойдаланишга топширилди (фото)

Фарғона вилояти Учкўприк туманида 120 ўринли 16-мактабнинг янги 2 қаватли биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Учкўприк туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 23 октябрь, жума куни мазкур мактаб биноси фойдаланишга топширилган. Тадбирда туман ҳокими, мактаб кузатув кенгаши вакиллари ва ота-оналар иштирок этган.

Фото: Учкўприк туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, мактабнинг 240 ўринга мўлжалланган асосий биноси 2007 йилда қурилган. Мактабда 461 нафар ўқувчи икки навбатда ўқиётгани қайд этилган. Қайд этилишича, мактабда 2019-2020 ўқув йилига келиб ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан 2 карра кўпроқни ташкил этган. Шу сабабдан 2020 йил инвестиция дастури асосида мазкур таълим масканида 120 ўқувчи ўрнига мўлжалланган янги бино қурилган.

Фото: Учкўприк туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, мазкур бинонинг қурилиш ишларига дастур асосида қарийб 1 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Фото: Учкўприк туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Бундан аввал Олтиариқда салкам 4 миллиард сўмга таъмирланган мактаб ва Булунғурда 2 миллиард сўмга таъмирланган боғча фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Чустда 4,5 миллиард сўмга таъмирланган мактаб ҳамда Бағдодда 420 ўринга мўлжалланган мактаб биноси фойдаланишга топширилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар