«Уйга кетишни хоҳлаймиз» — Ростов-Дон вокзали ёнида чодирда яшаётган ўзбек муҳожирлари чипта олишга жонли навбатда турибди
Ёзнинг илк ойидан бошлаб ўзбек меҳнат муҳожирлари Россияни тарк эта бошлади, деб ёзади «Новая гезета» нашри.
Пандемия сабаб кўпчилик ишидан ва даромадидан айрилган. Ўзбекистон расмийлари август ойидан бошлаб ватандошларни мамлакатга олиб кета бошлади.
Ростов-Доннинг ғарбий чеккасида жойлашган «Первомайская» станция атрофида бир неча кун аввал ўзбек мухожирларининг лагери юзага келди. У ерга биринчи бориб «жойлашганлар» 23 август — Ўзбекистон расмийлари томонидан Ростов-Дон—Тошкент йўналишида махсус поезд ташкиллаштирилгани маълум қилинган куни пайдо бўлган. 938 киши ҳақиқатан ҳам у ердан поездда олиб кетилган. Ўзбек муҳожирларини ватанга қайтариш билан 2019 йил Ростов-Донда очилган Ўзбекистон консуллиги шуғулланмоқда.
Ҳозирги пайтда станция атрофида икки мингдан ортиқ одам йиғилиб қолган. Расмий равишда — бу Первомайская (Ростов)—Тошкент № 902 CR махсус поездига чипта олиш учун ҳосил бўлган жонли навбат. Йиғилганларнинг бари чипта олиш имкониятини қўлга киритиш учун ҳаракат қилмоқда.
Чодирлар майсазорлар ва йўлкаларга қурилган. Одамлар Ростов қуёшида қизиб ётган парапетларда ётибди. Ёрқин миллий халат кийган ўн икки ёшлардаги қиз машиналар билан тўлган автотураргоҳга қараб шошаётган бир ёшли кичкинтойни ушлаб қолди. Иш билан қаергадир шошаётган ростовликлар темир йўл устидаги пиёдалар кўпригидан туриб, лагерни суратга олмоқда. Юқоридан полиция ходимлари усти чанг бўлиб ётган таржимонни кузатиб турибди. Оломон орасида ОМОНчиларнинг дубулғаси кўринади.
«Биз уйга кетишни истаймиз», — дейди лагерда яшаётганлардан бири бўлган 30 ёшли Алишер.
«Иш йўқ. Коронавирус. Яшаш қиммат: 30 минг оласан, ижарага тўлайсан, еб-ичишга тўлайсан».
Патент авваллари 4 минг эди, ҳозир бекор қилинган, лекин барибир қиммат. Уйга кетиш керак.
Барчанинг тақдири деярли бир хил. Ишлашга рухсат бор, аммо иш йўқ. Сўнгги пулига улар деярли бутун Жанубий федерал округдан — Ставрополдан, Астрахандан Ростовга келиб олган… Санкт-Петербург ва Москвадан келган оилалар ҳам бор. Албатта, Тошкентга учса бўлади, аммо авиачипта нархи 65 минг рублни (857 АҚШ доллари) ташкил қилади. Кўпчилик муҳожирларнинг бунга қурби етмайди.
Коронавирус туфайли Ўзбекистон март ойида биринчилардан бўлиб чегарани ёпган. Бу мамлакатда касаллик сони ортиб кетишининг олдини олган ҳамда ушбу тенденция июннинг охиригача сақлаб қолинган. Кейин эса вазият кескин ёмонлашган. Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамроев июлниинг охиригача қарийб 90 минг фуқаро Ўзбекистонга қайтарилганини маълум қилган.
Қозоғистон транзит шароитларини кучайтиргач, ўзбекистонликларнинг Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланиб қолиши бошланди.
Тошкентга 6 август куни «Бузулук» станциясидан 920 киши, 7 августда Кинелидан (Самара вилояти) яна 930 киши поездда кетди. Ушбу маълумотни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси тасдиқлаган. 23 август куни Ростовдан жўнаб кетган худди шунча киши ҳақида дипломатик ваколатхонада маълумот йўқ. Лекин оғзаки хабарлар тарқалгач, ўзбек муҳожирлари «Первомайская» станциясига кела бошлаган.
Хабарда айтилишича, Ахмаджон Мизакаримов исмли муҳожир ҳам 8 сентябрь, сешанба учун 13 800 рублга (182 АҚШ доллари) чипта олишга муваффақ бўлган.
Вокзалга киришда Ўзбекистонниг Ростовдаги консуллиги ходими туради ва кассага ким ўтишини у ҳал қилади. Ходим ватандошларининг саволларига доимий равишда жавоб беришга мажбур, одамлар баланд овозда гапиради. Уларга йўловчилар рўйхати қандай мезонларга қараб тузилиши ёқмайди, лекин Ростов ОМОНчилари консуллик ходимлари томонида.
«Ростовга келганингизда консуллик идоралари рўйхатидан ўтишингиз керак, кейин шунга қараб кетадиганлар рўйхатини тузишади. Мен 18 август куни рўйхатга кирганман. Бизга 20 сентябрда чегаралар ёпилишини айтишди. Одамлар бу ерда қолишни истамайди, ҳамма уйига кетишни хоҳлайди», — дейди Аҳмаджон.
Хавотирга тушган ўзбеклар, уларнинг фикрича, консуллик одамларни олиб кетишни ташкиллаштиришдан ҳам кўра чипта савдоси билан шуғулланаётганидан шикоят қилмоқда.
«Консуллик бизни алдаяпти, — дейди 30 ёшли Алишер. — Фақат 400 та чипта қолган дейишяпти. Қолгани қани? Улар чипталарни ўз халқига қимматга сотяпти.»
Консуллик ходими бу айбловларни оммавий равишда рад этмоқда, аммо оломоннинг хавотири йўқолмаган. Аёллар ва болалар ходимни таҳдид билан ўраб олади, полициячилар «Нари туринг!» деб бақиришига тўғри келади. Аёлларнинг ортида эркаклар жим туради. Улар кўп чекади ва вақти-вақти билан ўзаро гаплашади, консуллик вакилига кескин қараб қўяди — бу сафар кассага кимни киритишади?
Омади келганлар маълумотларни металл детектор олдидаги постда қолдириб, кейин кассага ўтади ва узоқ кутилган чиптани харид қилади.
«Ҳозир чипталар тугаб қолади ва қўшимча ёрдам сўраш керак бўлади», — дейди залдан оломонни кузатган ходим телефонда кимгадир.
Дераза ортидади одамлар вокзал биноси ичида нима бўлаётганини кузатиш учун диққат билан қараб турипти. Кўпи қўлида паспорт ва маълумотномалар кўтариб олган. Ёшгина аёл ниқобини ечиб, ҳомиладорлиги тасдиқланган УЗИ суратини кўксига босганча йиғлайди.
«Кеча бу ерга бир неча бор тез ёрдам чақирилди. Одамлар ҳушидан кетяпти, юраги хуруж қиляпти. Шифокорлар келиб, текширади ва елка қисади — жиддий нарса йўқ. Роль ўйнаяпти», — дейди вокзал ходими.
Тўсатдан эшик олдида жанжал бошланади: узун қора кўйлак кийган кекса аёл бақириб, кордонни ёриб ўтишга уринади. «Ковид» ниқобини кийган эркаклар уни кўчага чиқариб юборади. У йиғлайди ва эркакларга тушунарсиз бўлган тилда нималарнидир бақириб айтади. Гўё кар бўлиб қолган ОМОН ходимлари бинонинг ичига киради (кондиционер тагида дам олиш учун), кейин дубулғаларини кийиб, оломоннинг олдига қайтади. Ташқарида 30 даража иссиқ, аммо одамлар тарқалмайди. Уларнинг борадиган ери ҳам йўқ.
Ростов вилояти ҳокимлиги станцияда ўз-ўзидан чодирли лагер пайдо бўлишини кутмаганини, бу аллақачон маҳаллий аҳолини безовта қилишни бошлаганини айтган.
Аввалроқ Самарадан 750 нафардан ортиқ ўзбекистонлик чодирли лагерларга жойлаштирилгани, Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун сентябрь ойида қўшимча чартер рейслар амалга оширилиши хабар қилинган эди.