Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ҳибсга олингани ҳақидаги хабар — фейк
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ва бошқа мулозимлар қўлга олингани ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Tengrinews.kz мамлакат ТИВ маълумотига таяниб хабар берди.
Аввалроқ айрим ОАВда, Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, тадбиркор Ҳажи Ҳажиев ҳамда ДХҚнинг юқори лавозимли ходимлари қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Ушбу хабарларга жавобан, маданият ва ахборот вазири Аида Балаева Facebook’да пост эълон қилиб, ушбу маълумот тасдиқланмаганини маълум қилди.
Кўпинча тасдиқланмаган «хайп» ортидан қувиб, турли маълумотларни тарқатаётганда журналистлар шундан огоҳ бўлишлари керакки, бундай хабар фуқаролар ва уларнинг яқинларига зарар етказиши, обрў ва қадр-қимматини тўкашга сабаб бўлиши, аслида эса туҳмат саналиши мумкин. Ҳамкасбларимни касбий ОАВ ва журналистлар бажариши шарт бўлган мажбуриятларга риоя этишга чақираман. Шунингдек, ёлғон маълумот тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжудлигини эслатиб ўтаман, — деб ёзди Балаева.
Tengrinews.kz маълумотларига кўра, ёлғон хабар тарқатганлар устидан судга мурожаат тайёрланмоқда.