Самарада 750 нафардан ортиқ ўзбекистонлик чодирли лагерларга жойлаштирилди
Россиянинг Самара вилояти Кинель темирйўл вокзали платформасида ватанга қайтишни кутаётган 750 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси шаҳардан 3 километр узоқликдаги чодирли лагерларга жойлаштирилди. Бу ҳақда Бутунроссия ўзбеклар ва ўзбекистонликлар Конгресси Самара бўлими раҳбари Диляра Собирова хабар берди, деб ёзади «Спутник».
«Ҳозирда Книель вокзалидаги барча Ўзбекистон фуқаролари чодирли лагерларга кўчириб ўтказилди. Улар жами 756 киши. Вақтинча шу ерда яшаб туради. Мен лагерга келиб, чодирлар ўрнатилганини, сувлар келтирилганини кўрдим. Самара вилояти ‘Минг ҳаёт’ хайрия жамғармаси озиқ-овқатни ташкиллаштирмоқда. Жума куни 19:00 да жамғармадагилар барчага бир марталик идишларда қадоқланган кечки овқатни олиб келган. Умид қиламизки, ҳаммаси яхши бўлиб кетади», — дейди Диляра Собирова.
У, шунингдек, 24 август куни Кинелдан Тошкентга поезд жўнаши ҳақда маълумотга эгалигини ҳам айтган.
«Шундай маълумот бор. Лекин бунга поезд келгандагина ишонаман. Агар ўтган сафаргидек поезд келса, 950 кишини жўнатишимиз мумкин. Ҳозирда улар 750 дан бироз кўп. Бемалол барчасини жўната оламиз. Бу ерда ҳеч ким қолиб кетмаслигига умид қиламиз», — дея қўшимча қилди Собирова.
Маълум бўлишича, Самара вилояти расмийлари Ўзбекистоннинг Қозондаги бош консулига Кинелга шахсан ўзи келиб, ўзбекистонликларни ватанига қайтаришда қатнашишини ташкиллаштиришда ёрдам беради.
Аввалроқ Россиянинг Ростов шаҳридан яна 918 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинаётгани, Россиядан 9 август куни минг нафарга яқин ўзбекистонлик олиб келингани, 6 августда Самара чегарасидаги 500 нафардан ортиқ ўзбекистонликлар олиб келингани хабар қилинган эди.