Самара чегарасидаги 500 нафардан ортиқ ўзбекистонлик 6 август куни Россияни тарк этиши мумкин
Оренбург ва Самара вилоятларининг Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланган 3 ярим мингдан ортиқ Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари уйларига кетишни бошлади. Бу ҳақда «РИА Новости» Оренбург вилояти ҳокимлигига таяниб хабар берди.
Вилоят ҳокимлиги берган маълумотларга кўра, Россия—Қозоғистон чегарасида, Оренбургнинг Бузулук тумани ва Самара вилояти ҳудудида 3 мингга яқин Қирғизистон фуқаролари ва 500 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари тўпланган.
«Бузулук тумани ва Самара вилояти ҳудудидаги Қирғизистон фуқаролари бугун ва эртага Қозоғистон чегараси орқали ватанларига жўнатилади. Қирғизистон фуқароларининг умумий сони қарийб 3 минг кишини ташкил этади. Ўз уйларига қайтишни истаётган 500 нафарга яқин ўзбекистонлик 6 август куни чегарани кесиб ўтиши мумкин, улар ўз ватанларига темир йўл орқали боради», — дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.
«РИА Новости» олган маълумотга кўра, муҳожирлар тўпланган ҳудудда кўплаб қариялар, ҳомиладор аёллар ва болалар бор.
Аввалроқ Қозоғистон чегарасида қолиб кетган тўрт мингга яқин Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Самара ва Оренбургда тўпланиб турган фуқаролар Ўзбекистонга олиб келиниши маълум қилинган эди. Шундан сўнг Россия—Қозоғистон чегарасида қолиб кетган ўзбекистонликларни поездда олиб келиш бошланган.