«Uzbekistan Airways» Бухорога 14 сентябрдан мунтазам авиапарвозларни қайта тиклайди
«Uzbekistan Airways» 14 сентябрдан Бухорога мунтазам парвозларни қайта тиклайди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси 14 сентябрдан ҳафтасига 2 марта — душанба ва шанба кунлари Бухорога доимий парвозларни амалга оширишни бошлайди.
Шунингдек, 14 сентябрдан бошлаб Урганч шаҳрига рейслар ҳар куни амалга оширилади. Нукус шаҳрига бажарилаётган парвозлар сони эса ҳафтасига 3 тадан 4 тага кўпайтирилади.
Парвозлар жадвали билан авиакомпаниянинг расмий сайтида танишиш мумкин. Йўловчилар ушбу рейсларга чипталарни авиакомпания веб-сайтидан, мобил илова орқали, шунингдек, «Uzbekistan Airways» AЖнинг энг яқин савдо офисларидан ёки Ўзбекистондаги савдо агентларидан сотиб олиши мумкин.
Aввалроқ Ўзбекистон 4 сентябрдан 5 та йўналиш бўйича халқаро авиақатновларни қайта тиклаши хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкент—Нью-Йорк—Тошкент ҳамда Тошкент—Токио—Тошкент йўналишлари бўйича парвозлар вақти эълон қилинган.