Японияда 6 кундан буён ўрмон ёнғинлари давом этмоқда
Япония шимоли-шарқидаги Иватэ префектурасида бошланган ўрмон ёнғинлари олти кундан бери давом этмоқда. Бу ҳақида NHK хабар бермоқда.
Аланга ҳозирга қадар Офунато шаҳри ҳудудининг 8 фоизини кулга айлантирди.
Расмий маълумотларга кўра, 3 март куни тонгдан бери яна 500 гектар майдон ёнган ва 4 март соат 06:00 ҳолатига кўра, умумий зарарланган ҳудуд 2,6 минг гектарга етган.
Ёнғинни ўчириш ишларига қарийб 2 минг ўт ўчирувчи жалб этилган. Мудофаа кучларининг вертолётлари эса ҳаводан сув сепмоқда.
Префектура маъмурияти ёнғин Санрикутё Рёри туманига ҳам тарқалганини маълум қилди. Офунато кўрфазидан шимоли-шарқда жойлашган Акасакитё Нагасаки яқинидаги ўрмонларда ҳам тутун кузатилмоқда.
Шаҳар ҳукумати Санрикутё ва Акасакитё ҳудудлари аҳолисини эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берди. 4 март соат 07:00 ҳолатига кўра, 12 та объектдан 1215 киши хавфсиз ҳудудга кўчирилган.
Синоптикларнинг прогнозларига кўра, 5 март куни ярим тундан эрта тонгга қадар қор ёғиши ва тушдан кейин ёмғирга айланиши кутилмоқда.