Урушда яраланган рус ҳарбийлари Шимолий Кореяга даволаниш учун жўнатилмоқда

Шимолий Корея Украинада ярадор бўлган ҳарбийларни даволашда Россияга фаол ёрдам бермоқда. Бу ҳақда Москванинг Пхеньяндаги элчиси Александр Матсэгора хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, КХДРда россияликлар «ҳар доим жуда ижобий, дўстона» қабул қилинган ва сўнгги йилларда бу «янада сезиларли» тус олган.

Корея санаторийлари ва шифохоналарида юзлаб яраланган рус ҳарбийларини реабилитация қилиш қардошлик муносабатининг яққол мисоли, деди Матсэгора.

Унинг фикрича, бу «умумий тарих» ва «миллий характерларнинг ўзига хослиги» билан боғлиқ. Диплопатнинг таъкидлашича, шимолий кореяликлар ҳамма жойда россияликларни «табассум билан кутиб олишади, рус тилида гаплашишга ҳаракат қилишади, ўз ёрдамларини таклиф қилишади».

Масалан, аскарларни реабилитация қилишдан ташқари, 2023 йилнинг ёзида Япон денгизи соҳилидаги «Сондовон» болалар оромгоҳи ҳалок бўлган аскарларнинг фарзандларини қабул қилди, даволаниш, парвариш ва овқатланиш мутлақо бепул эди. Биз дўстларимизга харажатларининг ҳеч бўлмаганда бир қисмини қоплашни таклиф қилганимизда, улар чин дилдан хафа бўлишди ва бундан кейин ҳеч қачон бундай қилмасликни сўрашди, дея қўшимча қилди Матсэгора.

Жаҳон