Россияда Ан-24 самолёти ҳалокатга учраши оқибатида 43 киши ҳалок бўлди

Россиянинг Амур вилоятида бортида 43 киши бўлган Ан-24 самолёти ҳалокатга учради. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Қайд қилинишича, «Ангара» авиакомпаниясига тегишли ҳаво кемаси Хабаровск—Благовешченск—Тинда йўналишида ҳаракатланаётган вақтда, Тинда аэропортига қўнишга уринаётиб радарлардан ғойиб бўлган.

Қидирув ишлари натижасида самолёт қолдиқлари Тинда шаҳридан 15 км узоқликдаги тоғ ёнбағрида топилган. Маҳаллий фавқулодда хизматлар самолётдаги барча 43 киши — жумладан, беш нафар бола ва олти кишилик экипаж — ҳалок бўлганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Ан-24 самолёти ишлаб чиқарилганига қарийб ярим асрдан ошган бўлса-да, унинг парвозга яроқлилик сертификати 2036 йилгача узайтирилган.

Россия Тергов қўмитасининг Шарқий округ бўйича бошқармаси томонидан РФ Жиноят кодексининг 263-моддаси 3-қисми (ҳаво транспорти эксплуатацияси қоидаларини бузиш оқибатида бир нечта инсон ўлимига сабаб бўлиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Жаҳон