Йил якунига қадар Ўзбекистонда 12 та қуёш электр станцияси ишга туширилади
Президент Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни йирик саноат корхоналарини «яшил» энергия билан таъминлаш масалаларига бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакат иқтисодиётини барқарор ва қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш мақсадида «яшил» энергетика соҳасига қарийб $6 млрд миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилган. Йиллик электр ишлаб чиқариш ҳажми 59 млрд киловатт-соатдан 82 млрдга етган.
2030 йилгача аҳолининг сони 41 млнга, иқтисодиёт ҳажмининг $200 млрдга етиши прогноз қилинган. Бу эса энергияга бўлган талабни сезиларли даражада оширади.
Тақдимотда берилган маълумотларга кўра, 2025 йил якунигача 12 та қуёш ва 4 та шамол электр станцияси, 12 та энергия сақлаш тизими ишга туширилади.
Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати $5 млрддан ортиқ бўлиб, улар йилига 9 млрд киловатт-соат энергия ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, умумий қиймати $7,2 млрдлик 11 та янги лойиҳа қурилиши бошланиши режалаштирилган.