Ҳиндистонда 20 дан ортиқ одам яшин уриши туфайли ҳалок бўлди
Ҳиндистоннинг шарқий Бихар штатида 9 апрель куни яшин уриши оқибатида 22 киши ҳалок бўлди. Уларнинг сони ортиши мумкин. Бу ҳақда Sinxua хабар берди.
Штатда кучли ёмғир, момақалдироқ ва яшин кузатилган. Саккизта туманда қурбонлар қайд этилган. Бихар бош вазири офиси тўртта туманда яшин уриши оқибатида 13 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Чақмоқ урган вақтда одамлар далада бўлган.
Ушбу ҳодиса Бихарда яшин уриши оқибатида ўлим ҳолатлари тобора кўпайиб, хавфли тус олаётганини кўрсатмоқда. Жумладан, биргина 2023 йилнинг ўзида штатда 275 та яшин билан боғлиқ ўлим ҳолати қайд этилган. Бихар бош вазири Нитиш Кумар ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган ва уларга моддий ёрдам ажратилишини эълон қилган.
Бош вазир ҳалок бўлганларнинг яқинларига 400 минг рупий ($4649) миқдорида компенсация тўланишини эълон қилди, деди ҳукумат вакили.
Кумар аҳолига ёмон об-ҳаво шароитида ҳушёр бўлиш ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан берилган кўрсатмаларга амал қилишни тавсия қилган.
Ҳиндистон метеорология департаменти 13 апрелгача Андхра Прадеш штатида чақмоқ, момақалдироқ ва кучли шамол бўлиши ҳақида прогноз эълон қилди. Мамлакатда ҳар йили муссон мавсуми бошланиши билан юзлаб одамлар яшин уриши оқибатида ҳалок бўлади.