Тошкент вилоятида 72 сотих ерни 1 млн долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида 12 март куни тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар берди ИИВ матбуот хизмати.

Унда 1992 йилда туғилган, риэлторлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс қўлга олинди. У 1983 йилда туғилган фуқарога Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги 72,6 сотих нотурар ер майдонини 1 млн долларга сотишини айтган.

Шунингдек, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 1 ойда ушбу ер майдони тоифасини турар жойга ўзгартириб, кўп қаватли уй-жой қуриш учун рухсатномани ва барча ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 100 минг доллар талаб қилган. У аванс тариқасида 110 минг доллар олган вақтида ушланди.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик жуда кўп миқдорда), 211-моддаси 3-қисми «а» банди (пора бериш жуда кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ўзбекистон