Йил бошидан бери «Тез ёрдам»га қанча чақириқ бўлгани маълум қилинди

Ўзбекистонда йил бошидан бери «Тез ёрдам» хизматига қарийб 7 млн мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 103 хизматига жами 6 млн 912 мингдан ортиқ чақириқ рўйхатга олинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,4% га ошган.

Чақириқларнинг катта қисми (деярли 5 млн) шошилинч ҳолатлар билан боғлиқ бўлиб, қолган мурожаатлар сурункали касалликлар, беморларни ташиш ва туғруқ ҳолатларини ташкил этади.

Энг кўп чақириқлар Тошкент шаҳри, Фарғона, Сурхондарё, Наманган ва Андижон вилоятларида кузатилди. Навоий, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида эса нисбатан кам мурожаатлар қайд этилган.

Ҳозирда республикада 2857 та тиббий бригада фаолият кўрсатмоқда. Июль ойидаги аномал иссиқлик даврида эса 247 мингдан ортиқ мурожаат кузатилган. Жазирама кунларида фуқароларни эҳтиёт чораларига риоя қилишга ундаш натижасида чақириқлар сони бироз камайган.

Ўзбекистон