Европа иттифоқи Сурияга қарши санкцияларни бекор қилади
Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Суриядан санкцияларни олиб ташлаш бўйича йўл харитасини келишиб олди. Бу ҳақда Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас маълум қилди.
Каллас Евроиттифоқ санкцияларни олиб ташлаш масаласида “тезкор ҳаракат қилишга интилаётганини” айтди. Бироқ Сурия расмийлари “нотўғри қадамлар ташласа”, қарор қайта кўриб чиқилиши мумкин. Каллас биринчи навбатда қандай санкциялар олиб ташланишига аниқлик киритмади.
Манбалар, авиакомпаниялар, жумладан, Syrian Arab Airlines авиакомпаниясига нисбатан чекловлар ва нефть экспортига тақиқ қайта кўриб чиқилишини айтмоқда.
Европа иттифоқи Сурияга қарши санкцияларни 2012 йилда, Башар Асад режими ва исёнчи гуруҳлар ўртасидаги қарама-қаршилик кенг кўламли фуқаролар урушига айланганидан кўп ўтмай жорий қила бошлади. Санкциялар, асосан, ҳукумат ва ҳарбий тузилмаларга қарши жорий этилган. Улар Суриянинг Европадаги активларини музлатишни, шунингдек, инвестициялар ва нефть сотиб олишни чеклашни ўз ичига олади.