Тошкентда йўловчи автобуси ёниб кетди

Тошкентда 18 декабрь куни Мерcэдес-Бенз йўловчи автобусида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақида «Тошшаҳартранс» матбуот хизмати маълум қилди.

Унга кўра, 169-сонли йўналишда ҳаракатланувчи ушбу автобус 2013 йилда ишлаб чиқарилган. Ҳайдовчи А.Н. бошқарувидаги автобус Юнусобод тумани Уч қаҳрамон пости яқинидаги айланма йўл олдидаги бекатда тўхтаган вақтда, автобуснинг электр кабелларининг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлган.

Ҳайдовчи автобус салонидаги йўловчиларни туширганидан сўнг, ёнғинни ўчириш учун бирламчи ўт ўчириш мосламаси орқали дастлабки чоралар кўришига қарамай, ёнғин алангага айланган. Шундан сўнг, воқеа жойига ФВВ Ёнғин қутқарув бўлинмаси тезкор гуруҳи чақирилиб, ёнғин қисқа вақтда бартараф этилган.

Мазкур ҳодиса юзасидан ЙҲХБ ҳамда ФВБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилиб, ёнғин юзага келишининг сабабларига аниқлик киритилмоқда.

Тошкент