Андижонда газ қуйиш шохобчасида ёнғин чиқди
Андижон вилоятида техник носозлик сабаб, газ қуйиш шохобчасида ёнғин юз берди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
ФВВга ҳодиса ҳақида хабар 5 сентябр соат 12:05 да келиб тушган.
Аниқланишича, автомобилларга суюлтирилган газ тўлдириш шохобчаси ҳудудида тахминан 5 тоннали ёқилғи сақлаш сиғимига эга «MAN» русумли ёқилғи ташувчи автомобил цистернасидан пропан суюлтирилган газни тўкиш вақтида технологик жараён бузилиши оқибатида ёнғин келиб чиққан.
Ёнғин-қутқарув бўлинмалари ҳодиса жойига 12:13 да етиб бориб, ёнғин соат 12:26 да ўраб олинган ҳамда 13:03 да бартараф этилган, — дейилади хабарда.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар тўғрисида маълумот келиб тушмагани маълум қилинган.