Жанубий Кореяда сув тошқинлари оқибатида 26 киши ҳалок бўлди

Жанубий Кореяда беш кундан буён давом этаётган кучли ёмғир ва сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 26 нафарга етди. Бу ҳақда Yonhap News Agency хабар берди.

Табиий офат энг катта талафотни Гапёнг, Геонгнам, Санчон ва Чунчон провинцияларига етказган. Айнан шу ҳудудларда қурбонлар сони энг кўп бўлиб, ҳозирда тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Санчон провинциясида 19 июль куни 300 миллиметрга яқин ёғингарчилик кузатилган. 20 июль соат 9:00 ҳолатига кўра, Геонгнам провинциясида 8 киши ҳалок бўлган, 2 киши оғир тан жароҳати олган ва 6 киши бедарак йўқолган. Эвакуация қилинганлар сони 7591 кишини ташкил этади, улардан 5517 нафари аллақачон ўз уйларига қайтган.

Хапчон ва Санчон ҳудудларидаги 11 та қишлоқ электр таъминотидан узилган, айрим жойларда телефон ва интернет алоқаси ҳам издан чиққан.

Марказий хавфсизлик штабининг маълумотига кўра, бутун мамлакат бўйлаб 12 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Қидирув ва қутқарув гуруҳлари йўқолганларни излаш ишларига жалб этилган.

Жаҳон