Ўзбекистонда тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жарима белгиланди
Ўзбекистонда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик белгиланди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Қайд этилишича, жисмоний шахсларнинг ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаши БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 875 минг сўмдан 3 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ҳайвонлар эса мусодара қилинади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келса, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача (11 млн 250 минг сўмдан 18 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима солинади. Бунда ҳам ана шу ҳайвонлар мусодара қилинади.
Вазирликнинг қайд этишича, илгари бундай норма мавжуд бўлмаган.
Бундан ташқари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузиш, худди шунингдек, мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш ва сақлаш чораларини кўрмаслик қуйидаги жарималарга сабаб бўлди:
— фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (1 млн 125 минг сўмдан 1 млн 875 минг сўмгача);
— мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 875 минг сўмдан 3 млн 750 минг сўмгача).
Шунингдек, худди шундай ҳуқуқбузарлик одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келса, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса қуйидагича бўлади:
— фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 750 минг сўмдан 5 млн 625 минг сўмгача);
— мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 30 бараваригача (5 млн 625 минг сўмдан 11 млн 250 минг сўмгача).