Жанубий Корея собиқ президенти қайта ҳибсга олинди
10 июль куни Жанубий Корея суди собиқ президент Юн Сук Ёлни ҳибсга олишга рухсат берди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Суд қарорида Юннинг далилларни йўқ қилиш эҳтимоли мавжудлиги таъкидланган. У ҳозирда Сеулдаги Ҳибсхона марказида якка камерада сақланмоқда.
Қайд қилинишича, 64 ёшли Юн исён кўтарганликда айбланмоқда. У 2024 йил 3-декабрь куни қуролланган ҳарбийларни парламентга юбориб, ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ҳақидаги қарорни қонунчилар томонидан рад этилишига йўл қўймасликка уринган. Ушбу ҳаракати мамлакатда сиёсий инқирозга сабаб бўлганди.
У 2025 йил январида тонгда ўтказилган рейдда биринчи марта ҳибсга олинган, бироқ март ойида протсессуал сабабларга кўра озодликка чиқарилганди. Апрел ойида Конститутсиявий суд Юнни лавозимидан четлатган, июнь ойида эса муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказилганди.
Янги президент Ли Чже Мён Юннинг ҳарбий ҳолат жорий этишга уринишлари ва бошқа жиноят ишларини тергов қилиш учун махсус комиссияни ишга туширди. Махсус прокуратура Юнни яқинда январдаги ҳибсга олишга қаршилик кўрсатгани ва Пхенянга дронлар учириш орқали ҳарбий ҳолатга асос яратмоқчи бўлгани айбловлари юзасидан сўроққа чақирди.
Юн эса ўз ҳаракатларини «давлатга қарши кучларга қарши кураш» деб оқламоқда.