Тошкент шаҳар ҳокимияти юрисконсульти чет эллик фуқародан $70 минг талаб қилди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкент ҳокимияти юрисконсутини, унинг воситачисини ва Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси мутахассисини қўлга олди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Пойтахт ҳокимиятининг юридик бошқармаси юрисконсульти чет эллик фуқаронинг суд қарорига асосан олиши керак бўлган компенсация маблағларини тезлаштириб бериш эвазига 10% улуш – 70 минг доллар талаб қилган.
Суд қарорига кўра, чет эллик фуқарога тегишли бўлган кўчмас мулк бузилгани сабабли унга 8,8 миллиард сўм миқдорида компенсация тўланиши лозим эди. Гумонланувчи агар ушбу сумма берилмаса, ҳокимият номидан кассация шикояти киритишини ва мулкни қайта баҳолашини айтган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари воситачини 70 минг долларни олаётган пайтда қўлга олди. Сўроқ давомида у юрисконсултга ўз маблағидан 50 минг доллар берганини айтган. У яна 15 минг долларни топширишни, қолган 5 минг долларни эса ўзида қолдиришни режалаштирган эди.
Шундан сўнг, ҳуқуқ-тартибот идоралари юрисконсултни қўлга олди. У айнан 15 минг доллар олаётган вақтда қўлга тушган. Юрисконсулт сўроқ пайтида 10 минг долларни Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бош мутахассисига компенсация жараёнини тезлаштириш учун берганини тан олган. У ҳам қўлга олинган.
Тергов жараёнида гумонланувчилар 50 минг долларни ихтиёрий равишда қайтаришган. Ҳолат бўйича жиноий иш очилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.