Тошкент вилоятида 1,7 млрд сўмлик газ ўғирлаган иссиқхона аниқланди
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш натижасида катта миқдорда зарар етказган иссиқхона аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, маҳаллий фуқаро Б.К. турар жой ҳовлисида иссиқхона ташкил этган. У ускуналарни газ тармоқларига ноқонуний улаган.
Етказилган зарар 1,7 миллиард сўмга баҳоланди, — дейилади хабарда.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (ўғирлик) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.