Метан заправкаларга қўйилган чекловлар босқичма-босқич олиб ташланади
Энергетика вазирлиги 6 мартдан бошлаб метан заправкалар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилишини маълум қилди.
Қайд этилишича, март ойининг дастлабки кунларида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин тушиб, табиий газ истеъмолининг ортиши ва газ қувурларида босимнинг пасайишига сабаб бўлган.
Мазкур ҳолатда биринчи навбатда аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлашга устуворлик қаратилган ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.
Ўтган кунлар мобайнида олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида қувурларда газ босими нормаллаштирилди. Бу эса метан заправкалар иш фаолиятини тиклаш имконини яратди, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, 6 март куни соат 09:00 дан эътиборан метан заправкалар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади.