Калифорнияда пиротехника заводида портлаш юз берди

АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган Эспарто шаҳарчаси яқинидаги мушакбозлик омборида 1 июль куни кучли портлаш юз берди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Расмийларга кўра, ҳодиса оқибатида камида 7 киши бедарак йўқолган, 2 киши тан жароҳати олган.

Калифорния Ўрмон ва ёнғинларни назорат қилиш бўлими маълумотларига кўра, портлаш натижасида омбор тўлиқ вайрон бўлган, ёнғин эса 78 акрдан (32 гектар) ортиқ майдонни қамраб олган. Портлашдан сўнг омборда сақланаётган мушакбозлик воситалари кетма-кет чақнаган.

Воқеа жойида қутқарув ишлари давом этмоқда. Дрон ва самолётлар ёрдамида ҳудуд кузатув остига олинган. Маҳаллий ҳокимият 150 та уй ва ферманинг электр таъминоти узилганини маълум қилган. Эвакуация зонаси ташкил этилган.

Эспарто ёнғин хизматининг раҳбари Куртис Лоуренснинг айтишича, портлаш АҚШда 4 июль Мустақиллик куни олдидан содир бўлгани сабабли хавф даражаси юқори бўлган. Портлаш сабаблари ҳозирда штат ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан ўрганилмоқда.

Мазкур объект тижорат мушакбозлик маҳсулотлари билан шуғулланувчи лицензияланган корхона бўлиб, бу ерда фақат сақлаш ишлари олиб борилганми ёки ишлаб чиқариш ҳам амалга оширилганми — ҳозирча аниқланмаган.

Жаҳон