Тошкентда Zeekr электромобили ёниб кетди

Тошкент шаҳар Чилонзор туманида Zeekr электромобили ёниб кетди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар бўлими хабар берди.

Унда айтилишича, 10 апрель куни соат 07:30 да  Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, Фурқат кўчасида электромобиль ёнаётгани тўғрисида Тошкент шаҳар ФВБга хабар тушган. Шунга кўра, ёнғин-қутқарув техникалари айтилган манзилга соат 07:35 да етиб бориб, ёнғин соат 08:28 да, қарийб бир соатда ўчирилди.

Айтилган манзилда ёнғин натижасида электромобилнинг аккумулятор қисмида ёнғин келиб чиққани аниқланди.

Ёнғин оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳурматли фуқаролар, барча электромобилларнинг батареялари ўзида жуда катта миқдорда энергияни сақлаши сабабли, халқаро тажрибага мувофиқ, ёнғин чиққан аккумулятор ичидаги электр қуввати тўлиқ тугагунга қадар аккумуляторни совитиш ишлари амалга оширилади. Шу сабабли ёнғинни ўчириш усули бошқа оддий ёнилғида юрувчи автомобиллардан фарқ қилади, дейилади хабарда.

Тошкент