Зеленский Россия билан музокаралар ўтказиш шартини маълум қилди
Украина президенти Владимир Зеленский тинчлик бўйича Россия билан музокаралар олиб бориш шартини маълум қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, Кремль билан музокарага киришиш учун Вашингтондан кафолат талаб этилади.
Ягона масала — қандай хавфсизлик кафолатлари берилиши ва очиғини айтсам, музокаралардан олдин буни аниқ тушунишни истайман, деди президент.
У Ғарбнинг узоқ муддатли мажбуриятларисиз Россия янги ҳужум учун қайта қуролланиш мақсадида оташкесимдан фойдаланишини айтди. Зеленский бу масалани АҚШнинг иштирокисиз ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. АҚШсиз ҳеч ким таваккал қилмайди, деди у.
Украина президенти Трампни Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан бир қаторда бу масалада энг таъсирли шахс деб атади:
Ўйлайманки, буни ҳақиқатан ҳам амалга ошира оладиган бошқа иттифоқчи йўқ. Путиннинг иқтисодиёти Хитойга жуда қарам, таъкидлади сиёсатчи.
Зеленскийга кўра, Киев Украина тақдири ўзининг иштирокисиз ҳал қилинишини истамайди. У АҚШ бунга йўл қўймаслигига ишонч билдирди, аммо шуни қўшимча қилди:
Гарчи илгари бундай бўлмаганига ишончим комил эмас. Бу ерда мен нафақат Америка, балки баъзи европалик ҳамкорлар ҳақида ҳам гапиряпман, деди у.
Президент Россияга энергия ресурслари, хусусан нефтга чекловлар орқали босим ўтказиб, уни музокаралар столига ўтқазиш «тинчлик ва ҳақиқий хавфсизликнинг энг муҳим калитларидан бири» эканини таъкидлади.
Куч ёрдамида тинчликка эришиш мумкин ва биз бунга тўла ишонч ҳосил қилганмиз. Энг муҳими — суръатни пасайтирмаслик ва Россияга босим ўтказишдир… Европа энергия ресурслари соҳасида Россия билан эмас, балки Америка ва бошқа глобал ҳамкорлар билан яқинроқ ҳамкорлик қилиши лозим. Биз нафақат Украина, балки бутун Европа учун кучли позицияларни таъминлаш мақсадида ўз дипломатиямиз ва халқаро алоқаларимизни тайёрламоқдамиз, деди сиёсатчи.