Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60 млрд доллардан ошди
Марказий банк “Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзи” бўйича шарҳ ва статистик жадвалларни эълон қилди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг 9 ойида жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоизга қисқариб, 3,4 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 4,3 фоизни ташкил қилган. Бунга савдо баланси манфий салдоси ўсиш суръатининг ўтган йилдагига нисбатан пастроқ шаклланиши билан бирга мамлакатга халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли даражада кўпайиши таъсир кўрсатган.
Жумладан, январь-сентябрь ойлари давомида халқаро бозорларда хомашё нархларининг ўзгариши ҳамда норезидентларга кўрсатилган хизматлар ҳажмининг кўпайиши натижасида, экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга ўсиб, 19,1 млрд долларни ташкил қилган. Мазкур даврда импорт ҳажми ўтган йилларга нисбатан пастроқ суръатларда ўсиб (5,5 фоиз), 31,4 млрд долларга етган.
Натижада, жорий йилнинг 9 ойида савдо балансининг манфий салдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга кўпайиб, 12,4 млрд долларни ташкил қилган. Ўз навбатида, бирламчи ва иккиламчи даромадлар баланси мусбат салдо билан шаклланиб, мос равишда 973 млн доллар ва 8 млрд долларни ташкил этган ҳолда савдо баланси тақчиллигини қисман қоплаган.