Андижонда 19 ёшли қиз ўзи олиб қочган машинада ЙТҲга учради

Андижон вилояти Асака туманида 11 июль куни 19 ёшли қиз ўзи олиб қочган машинада йўл-транспорт ҳодисасига учради.

Маълум қилинишича, шу куни тахминан соат 00:30 да Асака туманида яшовчи 19 ёшли Н.Д. (қиз), ўзига олдиндан таниш бўлган 22 ёшли А.И. (йигит) бошқарувидаги «Cobalt» автомашинасида Асака туман «Жанон-2» кўчасига бирга борган.

Ҳайдовчи А.И. автомашинадан танишлари билан гаплашиш мақсадида тушганидан ва автомашина двигателини ўчирмай калитини ўзида қолдириб кетганидан фойдаланган қиз руль бошқарувига ўтириб, А.И.нинг рухсатисиз машинани олиб қочган. Сўнгра Шаҳрихон тумани ҳудудига етганида бошқарувни йўқотиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Н.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда юқоридаги шахс нима сабабдан ушбу жиноятга қўл ургани аниқланмоқда.

 

Янгиликлар