Тошкентда 1000 дан ортиқ фуқароларнинг 550 млн сўм пулларини ўзлаштирган фирибгар ушланди
Тошкентда 1000 дан ортиқ фуқаронинг 550 миллион сўм пулини ўғирлашда гумон қилинган фирибгар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар беради.

Аниқланишича, Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро Б.Ў. ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиб, банк картасидан 7.300.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Шундан сўнг, тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилиб, ушбу фирибгарликларни Тошкент шаҳрида яшовчи К.А. содир этганлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, айбланувчи К.А жабрланувчи Б.Ў қонғироқ қилиб, уни кондиционер ва телевизор ютиб олганини маълум қилган. Юуқларни олиш учун Б.Ў га 200 минг сўм ўтказиши кераклиги, шунингдек, Payme-дан юборилган СМС-кодни айтиши зарурлигини маълум қилган.
Натижада, фирибгар зарур маълумотларни қолга киритиб, фуқаронинг пластик картасидан 7,3 млн сўм миқдордаги пулни ўзлаштириб, сонгра жабрланувчини қора рўйхатга киритган.
Ҳолат юзасидан, олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида, ушбу шахс телеграмда «CALL CENTER» номли аккаунт очиб, 1000 дан ортиқ фуқароларнинг 550 млн сўм пулларини ўзлаштирганлиги маълум бўлди, — дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.





