Андижонда «201 км/с тезликда ҳаракатланган» «Matiz» ҳайдовчисига белгиланган 2 млн сўм жарима бекор қилинди

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда «‘Mаtiz’ 201 км/с тезликда ҳаракатлангани учун ҳайдовчига 2 миллион сўм жарима қоғози келибди» сарлавҳаси билан тарқалган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, фуқаро Х.О.га тегишли бўлган «Matiz» русумли 60 М 652 ОА давлат рақам белгили автомашинага нисбатан белгиланган жарима солиш тўғрисидаги қарор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексинг 271-модда 1-қисмига асосан бекор қилинган.

Ички ишлар бошқармасининг таъкидлашича, 2020 йилнинг 9 март кунидан «Хавфсиз шаҳар» дастури доирасида Андижон вилояти бўйлаб 8 та тезлик ўлчовчи мослама қоидабузарликларни автоматик тарзда қайд этувчи тизим сифатида ишга туширилган. Таъкидланишича, мазкур тизим чет эл тажрибалардан келиб чиққан ҳолда жорий этилган бўлиб, кўп йиллик синовлардан ўтказилган.

Тизим тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалар орқали қоидабузарликларни автоматик тарзда қайд этишга дастурланган. У орқали қайд этилган қоидабузарлик ҳолатлари бўйича жавобгарликка тортиш, кўриб чиқиш, қарор чиқариш ва бошқа аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексинг 171-, 3091-, 248, 304- ва 307-моддалари билан тартибга солинган.

ИИБ хабарига кўра, автоматлаштирилган тизим ўз номи билан қоидабузарликларни автоматик тарзда қайд этишга дастурланган бўлиб, техник хатога йўл қўйилиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Айнан шу каби ҳолатларда нотўғри белгиланган жарималар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексинг 271-моддаси билан бекор қилинади.

Аввалроқ Пастдарғомда ҳаракат хавфсизлиги қоидасини бузган ҳайдовчига 6 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Булоқбошида МИБ қарздор эрнинг собиқ хотинидан яширган «Damas»ини топиб, хатловга олгани маълум қилинганди.

Янгиликлар