Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳридаги велойўлакчаларни синовдан ўтказди (фото)

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 22 октябрь куни Тошкент шаҳридаги велойўлакчалар ҳамда аҳолининг оммавий спорт турлари билан шуғулланиши йўлида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси «Tez News»га хабар берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Таъкидланишича, Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ 22 октябрь куни пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Миробод ҳамда Сергели туманлари бўйлаб ўрганиш ишларини олиб борди. Велойўлакчалар, спорт майдонлари, спорт мактаблари, янги барпо этилаётган кўприк атрофи, туманда бунёд этилаётган янги уйлар атрофидаги ҳудудлар билан танишди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, Шаҳрисабз кўчасидаги велойўлакча 10 кун ичида эксплуатацияга топширилади. Таъкидлаш жоизки, бу йўлакчаларда кўзи ожиз кишилар хавфсиз ҳаракатланиши учун алоҳида жой ажратилган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

«Аҳмад Дониш кўчаси тўлиқ тайёр бўлди, умумий майдони 5 километрни ташкил этди. Фарғона йўли кўчасида велойўлакча яратилмоқда, ҳар битта томонини 7 километрдан ҳисобласак, умумий майдони —14 километр. Бундан ташқари, анҳор бўйларида ҳам велойўлаклар барпо этилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 10 километр чиқади. Хулоса қилиб айтганда, бу йил 20 километр майдон велойўлакчага айлантирилади. Кейинги йил эса камида 25 километр майдон велойўлакчага айлантирилиши белгиланган», — деди Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Аввалроқ Азиз Абдуҳакимов барчани «Бутунжаҳон автомобилсиз куни»да пиёда юришга чорлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар