Азиз Абдуҳакимов барчани «Бутунжаҳон автомобилсиз куни»да пиёда юришга чорлади

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 22 сентябрь — Бутунжаҳон автомобилсиз кунини автомобилсиз ўтказишга, пиёда ёки велосипедда юришга чорлаб, ўзининг Facebook’даги саҳифасида пост қодирди.

Фото: Aziz Abdukhakimov / Facebook

«Бундай тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, энг аввало, автомобиллардан чиқаётган турли заҳарли газлар орқали атмосферанинг заҳарланишини камайтиришга ўз ҳиссасини қўшиш, қолаверса, пиёда юриш ва велосипедда сайр қилишни кенг тарғиб этишдан иборат. Бу эса аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш йўлида хизмат қилади.

Мен ҳам сизларни ушбу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаб, шу кунни автомобилсиз ўтказишга ҳаракат қилишга чорлаб қоламан!» — дейди бош вазир ўринбосари.

Aзиз Aбдуҳакимовнинг сўзларига кўра, автомобилсиз кун ғояси 1995 йилда Буюк Британияда пайдо бўлган ва қисқа муддатда бутун дунёда кенг оммалашган. 2000 йилдан бери 22 сентябрь «Бутунжаҳон автомобилсиз куни» сифатида нишонланади. Шу куни автомобиль ҳайдовчилари шахсий транспорт воситаларидан камида бир кун фойдаланишмайди, баъзи шаҳарлар ва мамлакатларда пиёда юриш, велосипед ҳайдаш, жамоат транспортидан фойдаланиш, шунингдек, иш ва дам олиш жойларига пиёда бориш ғояларини тарғиб қилувчи махсус акциялар ҳам ташкил қилинади.

Маълумот ўрнида, 22 сентябрь — Бутунжаҳон автомобилсиз куни сифатида дунёнинг жуда кўплаб давлатларида кенг нишонланади. Унда ер юзидаги 1500 дан зиёд шаҳарнинг 100 миллиондан ортиқ аҳолиси қатнашиб келади.

Аввалроқ Самарқандда ярим марафон хайрия мусобақаси ўтказилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухорода ўтказилган пиёда юриш марафонида 100 дан ортиқ киши қатнашгани маълум қилинганди.

Янгиликлар