Сенатор ташаббуси билан Наманганда ҳиндистонлик онколог иштирокида бепул тиббий кўрик ўтказилди

Қутлуғ Рамазон ойи кунларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллахановнинг ташаббуси билан хайрли ишга қўл урилди.

Наманган шаҳридаги “ANAMED” диагностика марказида эҳтиёжманд аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларда учрайдиган айрим касалликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида Ҳиндистондан таклиф этилган тажрибали шифокор, Деҳли шаҳридаги “Fortis” тиббиёт клиникаси онкологи Мандип Синг Малхотра томонидан сут бези саратони касаллигига чалинган аёллар учун бепул чуқурлаштирилган бепул тиббий текширув ўтказилди. Беморларга тиббий маслаҳатлар ва даволаниш жараёнлари ҳақида тавсиялар берилди.

Кўрик давомида Наманган шаҳри, Косонсой, Янгиқўрғон, Учқўрғон ва Наманган туманларида истиқомат қилувчи, кам таъминланган 20 нафар аёл касалликлари бўйича тиббий тавсия ҳамда йўл-йўриқлар олишди.

Тиббий кўрикдан ташқари, врач-онколог Мандип Синг Малхотра Республика Ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Наманган вилояти филиалига ташриф буюриб, бу ерда даволанаётган беморларни ҳам тиббий кўрикдан ўтказди.


Дарвоқе, хорижлик шифокор мазкур шифо маскананидаги ҳамкасблари учун “мастер-класс” ва Ҳиндистонда ўз соҳаси йўналашида тўпланган илмий-тиббий тажрибалар юзасидан тақдимот ўтказди. Наманганлик шифокорларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтарди.

“ANAMED” диагностика маркази таъсисчиси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Республика ИОРИАМ Наманган филиали мутасаддилари билан Ҳиндистоннинг “Fortis” тиббиёт клиникаси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган амалий мулоқотда хусусий тиббий секторда икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, Наманганда ҳиндистонлик шифокорларни жалб этган ҳолда онкологик касалликлар билан оғрига беморларнинг жарроҳлик амалиётларини ўтказиш масалалари юзасидан муҳокама ва музокаралар олиб борилди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Наманган вилоятида 9 мингдан зиёд киши онкологик касалликларга чалинган бўлиб, улар диспансер назоратига олинган, — деди Республика ИОРИАМ Наманган филиали бош врачи Солижон Холиқов. — Бир йилда 1 минг 500дан зиёд фуқарода касалликлар аниқланади. 140 ўринга мўлжалланган онкологик марказ 8 та бўлимдан иборат. Поликлиника, функционал диагностика бўлими шулар жумласидан.

Ташриф доирасида имзоланган “ANAMED” ва “Fortis” клиникалари ўртасидаги Меморандум келишуви асосида келгусида ҳиндистонлик шифокорлар иштирокида жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш, бир қатор эзгу тадбир ва лойиҳаларни ўтказиш режалаштирилди. 

Янгиликлар