Флорида штатида ковид вакцинасини олиш учун кампир кўринишида келган аёллар фош бўлди

Флорида штатида 34 ва 44 ёшдаги аёллар коронавирусга қарши вакцинанинг иккинчи дозасини олиш учун кампирлар каби кийиниб олишган, аммо буни шифокорлар сезиб қолган. Бу ҳақда  WKMG-TV телеканали хабар берди.

Фото: Abc7chicago.com

17 февраль куни Оранж округида вакцина қилаётган ходимлар аёлларнинг «кулгили кўринишини» пайқаб қолишган ва уларнинг эмланишига рухсат беришмаган. Уларнинг вакцинация карталари ҳақиқий бўлган, фақат «ҳайдовчилик ва шахсий гувоҳномаларида айрим муаммолар» аниқланган.

«Кеча иккинчи марта эмланиш учун вакцинация марказига иккита аёл кампирларга ўхшаб кийиниб келганини аниқладик. Улар биринчи сафар қандай қилиб қўлга тушмаганига ҳайронман, лекин улар вакцина учун келишган. Шляпалар, қўлқоплар, кўзойнаклар — буларнинг ҳаммаси уларни фош қилиб қўйди», — деди Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили Рауль Пино.

Таъкидланишича, хонимлар вакцинанинг биринчи дозасини олган-олмагани ҳали номаълум. Ҳолат юзасидан тергов ишлари кетмоқда.

Ҳодиса туфайли вакцинация марказида қўриқлаш хизмати кучайтирилган.

Шунингдек, ушбу марказда мутахассислар ҳар куни 65 ёш ва ундан катта 2,5 мингга яқин одамни эмлашади.

Янгиликлар