Тошкентнинг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси тасдиқланди

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режасини тасдиқлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилинди.

Қарорда келтирилишича, Тошкент шаҳрини комплекс ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш ҳамда қурилишни режалаштириш сифати ва даражасини ошириш, шаҳарнинг меъморий-режалаштирилган қиёфасини ҳамда инфратузилмасини янада яхшилаш мақсад қилинган.

Бош режанинг асосий кўрсаткичларини белгиловчи хариталар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизимида очиқ маълумот сифатида жойлаштирилади.

Ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тасдиқланган бош режа асосида белгиланган тартибда ушбу ҳудуднинг мастер режаси, батафсил режалаштириш лойиҳаси ёки қурилиш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тасдиқлаган ҳолда амалга оширилади.

Бош режанинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботи ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлисида эшитиб борилади.

Ҳужжатда белгиланишича, пойтахт ҳокимлиги 3 ой муддатда Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўжжалланган бош режасини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.

Қурилиш уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бош режага риоя этилиши юзасидан давлат архитектура назоратини амалга оширади.

Қарорлар