Бангладеш бош вазири истеъфога чиқди ва мамлакатни тарк этди
Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина оммавий норозилик намойишлари туфайли истеъфога чиқди. У мамлакатни тарк этиб, Ҳиндистонга учиб кетди, деб хабар беради BBC.

Армия штаби бошлиғи генерал Вақер-Уз-Замон бош вазир истеъфога чиққанини тасдиқлади. Унга кўра, мамлакатда вақтинчалик ҳукумат тузилади.
Вақер-Уз-Замон президент Муҳаммад Шаҳобиддин билан учрашиб, кун охиригача ечим топилишига умид қилишини маълум қилган.
Маълумот учун, бугун 5 август куни минглаб оломон бош вазир қароргоҳига бостириб кирган. Намойишчилар биноларни вайрон қилиб, у ердаги буюмларни олиб чиқиб кетишган.
Шунингдек, бир кун аввал полиция ва Шайх Ҳасинанинг истеъфосини талаб қилган намойишчилар ўртасидаги тўқнашувда камида 90 киши ҳалок бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, оммавий норозиликлар бошланганидан бери 280 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.





