Бухоро вилоят ХТБ биносининг таъмирлаш ишлари учун салкам 3 млрд сўм сарфланди
Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилиши муносабат билан очилиш маросими ўтказилди. Унда бошқарма жамоаси, жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ва ОАВ вакиллари катнашди, дея хабар берди ЎзА.
Бухоро шаҳри марказида қурилган 5 қаватли бино учун жами 2 миллиард 628 миллион сўмдан ошиқ маблағ сарфланган. Қурилиш таъмирлаш ишлари «Наврўз Акмал Строй инвест» масъулияти чекланган жамият томонидан олиб борилган.
Очилиш маросимида бинонинг рамзий лентаси кесилган. Маросимда халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари У.Шарифхўжаев, вилоят ҳокими ўринбосари М.Ҳамроев, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокировалар катнашган. Тадбир иштирокчилари бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишган.
Маълумотларга кўра, 2020 йилда вилоятда инвестиция дастурига асосан жами 16 та мактабларда 87,6 миллиард сўмлик (3 та янги қурилиш, 7 та реконструкция ва 6 та капитал таъмирлаш) қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоятдаги 6 та мактабни, шундан 1 та янги қурилиш, 5 та реконструкция қилиш белгиланган. Жамғарма ҳисобидан ушбу ишлар учун 40,2 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек, вилоят умумтаълим муассасаларини куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлаш, қўлбола печларни замонавий энерго-тежамкор қозонларга алмаштириш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Бухорода 2 мингдан зиёд ўқитувчи иккинчи малака тоифаси учун тест топширгани ҳақида хабар берилганди.