Бухоро туманида мактаб спорт зали қурилиши учун салкам 2 млрд сўм сарфланди (фото)

Бухоро туманидаги 48-умумтаълим мактаб спорт зали қурилишига салкам 2 миллиард сўм сарфланди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, «Боғи Калон» маҳалласи ҳудудида жойлашган 48-умумтаълим мактабининг эски биноси 1989 йилда таълим муассасасига мослаштирилган бўлиб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Маълум қилинишича, 2019 йилда ушбу мактабга инвестиция дастурига асосан 2 миллиард 167 миллион 300 минг сўмлик маблағ ҳисобига 216 ўринли янги бино қуриб берилган.

Фото: Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

«Илгари кимё, биология ва физика фанларини ўқитишда муаллимларимиз жуда қийналишарди. Негаки амалий машғулотларга таянган ушбу фанларни ўрганишда лаборатория ва кўргазмали жиҳозлар ниҳоятда муҳим. Эндиликда бу муаммоларимиз ўз ечимини топди. Янги бинода лаборатория хоналари билан бир қаторда барча ўқув жиҳозларига эга фан кабинетлари ҳам мавжуд», — дейди мактаб директори Комилжон Қобилов.

Қайд этилишича, 2020 йилда инвестиция дастури асосида мазкур мактабга 9х18 ҳажмдаги замонавий спорт зали қуриб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, маълум қилинишича, зарурий спорт анжомлари билан таъминланган ушбу спорт зали қурилишига 1 миллиард 75 миллион сўм маблағ сарфланган.

Фото: Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурободда 428 миллион сўмга қурилган 3 та ва 324 миллион сўмга қурилган 2 та мактаб филиали биноси ҳамда 2 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Наманганда 5,5 миллиард сўмлик футбол мактаби ва Марҳаматда бир кунда учта янги боғча фойдаланишга топширилгани ҳақида маълум қилинганди.

Янгиликлар