Бухорода 183 нафар жабрланувчига салкам 2,5 млрд сўм маблағ ундириб берилди

Бухоро вилоятида Корея фуқаролари ва уларнинг 2 нафар шериги томонидан 183 нафар жабрланувчи фойдасига салкам 2,5 миллиард сўм миқдордаги маблағ ундирилган. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилоят бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум бўлишича, қарздор Корея фуқароси Ли Ёнгкеун, Ким Ханмук ва Ахадов Одил, Жўраев Баҳодирдан солидар тартибда фуқаро У.Г. ҳамда яна 182 нафар ундирувчи фойдасига жами 2 миллиард 483 миллион 129 минг 154 сўм миқдордаги жиноят натижасида етказилган зарарни ундириш иши қўзғатилган.

Фото: Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Ҳолат юзасидан мажбурий ижро бюроси Бухоро шаҳар бўлими иш юритувига Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2019 йил 27 апрелдаги ҳамда Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2019 йил 29 октябрдаги ва Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг 2020 йил 18 февралдаги ижро ҳужжатлари тайинлаган.

Ундирувни жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2019 йил 27 майдаги ижро ҳужжатига асосан, тергов органи томонидан хатланиб, вақтинчалик сақлаш учун фуқаро Р.Хўжақуловга топширилган, «Корея Лукс Бухара» масъулияти чекланган жамиятга тегишли бўлган Бухоро шаҳар, Мохи-Хосса кўчасида жойлашган 1 гектар ер майдонидаги қурилиши тугалланмаган иссиқхона ва унинг ускуналари баҳоланиб, сотувга чиқарилиши ва сотувдан тушган маблағни жиноят натижасида етказилган зарарларни қоплашга қаратиш ҳақидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган.

Бухоро вилоят «Бизнесни баҳолаш ва эксперт консалт» масъулияти чекланган жамият томонидан берилган хулосага кўра ушбу мулк аввалига 4 миллиард 639 миллион 936 минг 845 сўмга баҳоланиб, сотилмагач мулк қайта 2 миллиард 483 миллион 129 минг 154 сўмга баҳоланиб, шу миқдорда сотилган ва сотувдан тушган мулк маблағлари ҳисобидан ундирувчилар фойдасига етказилган зарар кўчириб берилган.

Аввалроқ Бухорода МИБ қарздор тадбиркорлардан салкам 6 миллиард сўм ундиргани ва Қоракўлда 724 миллион сўм қарзи бор масъулияти чекланган жамиятнинг «Captiva» ва «Malibu»си хатлангани ҳақида хабар қилинди.

Янгиликлар