Қоракўлда 724 млн сўм қарзи бор МЧЖнинг «Captiva» ва «Malibu»си хатланди

Бухоро вилояти Қоракўл туманида қарздорнинг автомашиналари хатланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро буюроси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: МИБ матбуот хизмати

Хабарга кўра, Қоракўл туманлараро иқтисодий суди қарори билан  қарздор масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи Файзуллаев Ҳикмат фойдасига 724 миллион сўм қарзни ундириш тўғрисида ижро ҳужжати мажбурий ижро бюросининг Бухоро шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган.

Қайд этилишича, ижро ҳужжати бўйича қарздор МЧЖ раҳбари суд қарорида кўрсатилган миқдордаги қарзни тўлаб беришдан бўйин товлаб келган. Маълумотларга кўра, мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли бўлган «Captiva» ва «Malibu» русумли автомашиналар қарздорлик эвазига хатланиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган.

Ҳозирда қайд этилган автоуловлар баҳоланиб, «E-ijro auksion» электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Аввалроқ Наманган шаҳрида 3 та МЧЖнинг қарздорлиги сабаб 300 миллион сўмдан ортиқ мол-мулки хатлангани, Риштон тумани ҳокимлигидан фуқарога 148 миллион сўм ундирилгани ҳақида хабар қилинганди.

 

Янгиликлар